КЎҲНА АРКДА ТЕАТР
ТОМОШАЛАРИ
Хоразм вилоят қўғирчоқ театри мустақиллик билан деярли тенгдош. Истиқлол туфайли қадимий ХИВАДА ташкил этилган ижодий жамоа ўттизинчи ижодий мавсумини бошламоқда.
Ўтган давр мобайнида болажонлар, улар қатори катталар ҳам севиб томоша қиладиган юзга яқин спектакллар саҳналаштирилиб, барчаси мухлисларга манзур бўлди. Россия, Германия, Озарбайжон ва бошқа кўплаб мамлакатларга ижодий сафарлар қилиб, эътибор ва эътирофга сазовор бўлган жамоа бугунги кунда ҳам ижодий изланишларни изчил давом эттирмоқда.
Театрнинг қутлуғ сана -30-ижодий мавсуми очиқ осмон остидаги музей— Ичон қалъада тантанали равишда бошланди.
Кўҳна Аркдаги ёзги томошагоҳда бўлиб ўтган, ёш томошабинлар, уларнинг ота-оналари , шунингдек, кўплаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар иштирок этган маданий тадбир чинакам шодиёнага айланди.
Миллий куй-қўшиқлар, карнай-сурнай садолари билан бошланган тадбир аввалида театр директори Д.Атабоев, Хоразм Маъмун академияси раиси И. Абдуллаев, Озарбайжон халқ артисти Б. Мустафоев, «Ичон қалъа» давлат музей-қўриқхонаси директори Ш. Мадаминов ва бошқалар қатнашчиларни навбатдаги мавсум бошланиши билан қутлаб жамоага ижодий ютуқлар тилашди.
Шундан сўнг намойиш этилган «Сеҳрли олтин қуш» спектакли ва бошқа кўнгилочар томошалар барчага ,айниқса, сайёҳларга хуш кайфият ва чексиз завқ бағишлади.
Маданий тадбир давомида театр ходимлари томонидан қўғирчоқлар ясаш бўйича маҳорат дарслари ва кўргазмалар ҳам ташкил этилди.
Бу хил таассуротли тадбирлар қадимий шаҳарнинг туризм жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
О. ИСМОИЛОВ, журналист.

Did you like this? Share it!

0 comments on “

Comments are closed.