Хоразмлик ижодкорлар халқаро фестивалда
Хоразм вилояти қўғирчоқ театри ижодкорлари томонидан сахналаштирилган ранг-баранг мавзудаги спектаклларни нафақат республикамиз, балки чет эллардаги мухлислар ҳам севиб томоша қилишади. Сабаби ижодий жамоа мамлакатимиздан ташқари, хорижий давлатларда кўплаб ижодий сафарларда бўлишган, халқаро фестивалларда муваффақиятли иштирок этишган.
Жумладан, Германиядаги ижодий сафар, 2011йил Боку шахрида бўлиб ўтган I-Халқаро қўғирчоқ театрлари фестивалида, 2015 йилда Шотландиянинг Эденбург шаҳрида 68-халқаро театрлар фестивалида эҳтиром ва эътирофга сазовор бўлишган.
Театр жамоаси доимий изланишда. Яқинда улар яна бир нуфузли халқаро ижод байрами — Россиянинг Кострома шаҳрида 23-26 март кунлари бўлиб ўтган қўғирчоқ театрларининг халқаро онлайн — фестивалида муваффақиятли иштирок этишди.
Россиянинг Москва, Екатеренбург, Орёл, Свердлов ва бошқа шаҳарлари, шунингдек Латвия ҳамда кўплаб хорижий давлатлар театрлари иштирок этган фестивалда 24-март куни Хоразм вилояти қўғирчоқ театри ҳам “Жахонгашта афсоналар” спектаклидаги саҳналар орқали онлайн тарзда муваффақиятли қатнашди.
Эвелина Арипова томонидан яратилган ва саҳналаштирилган, Хоразмнинг қадимий афсоналари асос қилиб олинган, эзгулик, она юртга садоқат, ўзаро меҳр-оқибат ғоялари тараннум этилган ушбу спектакли болалар ва катта ёшдаги томошабинларга ҳам бирдек маъқул бўлган.
“Бир қўғирчоқ, бир қўғирчоқбоз” тамойили асосида ўтган фестивалда актёр Бахтиёр Матниёзов “Жаҳонгашта афсоналар” спектаклидаги Самандун образи ижроси билан иштирок этди ва ҳакамлар хайати шунингдек кўп сонли томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.
16 театр иштирок этган халқаро фестивалда Хоразм вилояти қўғирчоқ театри тўртинчи ўринга мушарраф бўлди ҳамда Россияга, жуладан Кострома шаҳрига гострол сафарига таклиф қилинди.

0 comments on “”