2021-йил 19-май куни Хоразм вилояти қўғирчоқ театрида жамоанинг кўп йиллик ижодий хамкори, Германия Федератив Республикасининг “Хамелеон” театри рахбари , режиссёр ва педагог Юрген Цахманнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Маълум-ки, Хоразм вилояти қўғирчоқ театри 2004-йилдан буён Германиянинг Дармштадт шахри “Хамелеон” театри билан хамкорлик қилиб келмоқда. Шу давр мобайнида Юрген Цахманн бевосита театрга келиб 3 маротаба спектакл сахналаштирган бўлса, театр жамоаси 2 марта Германия сафарида бўлишган. Шу зайл дустона алоқалар туфайли ўзбек-немис биродарлиги янада юқори чўққига чиқди. Германия давлати билан тўғридан тўғри масофадан туриб онлайн боғланган холда ташкил этилган тадбирда юқоридаги беминнат хизматлар эътирофи сифатида Юрген Цахманн Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2021-йил 10- майдаги 225-сонли буйруғига асосан “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан мукофотланди. Тақдирлаш маросимида Хоразм вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Хамид Сапаев, Хоразм вилояти қўғирчоқ театри директори Д.Атабаевлар сўзга чиқиб, Юрген Цахманни қизғин муборакбод этишган бўлса, ўз навбатида немис театр мутахассиси хам эътибор ва эътироф учун бутун Ўзбекистон халқига миннатдорчилик билдириб, бундан кейин хам Хоразм вилояти қўғирчоқ театри билан ўзаро ижодий хамкорликни давом эттиришини алохида таъкидлади.

0 comments on “”